Россия президенти Владимир Путин РФ ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида Молиявий даъволар ва мажбуриятларни ўзаро ҳал этиш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонунга имзо чекди, дея хабар тарқатди Кремль матбуот хизмати. Қонун Давлат думасида 25 март куни қабул қилиниб, 30 март куни Федерация Кенгаши томонидан тасдиқланган эди.

Битим 2014 йил 10 декабрда Тошкентда Россия Президенти Владимир Путиннинг ташрифи доирасида имзоланган эди. Ҳужжат собиқ СССР Олмос жамғармаси бўлими ва Ташқи иқтисодий банкига валюта маблағларини қайтариш, шунингдек, Ўзбекистонга 1992-1993 йилларда тақдим этилган кредитлар масалаларини ўз ичига олган собиқ СССС амалиётлари бўйича юзага келган барча даъволардан воз кечишни кўриб чиқади.

Аввал хабар қилганимиздек, Россия 2014 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра Ўзбекистоннинг 889,3 млн АҚШ доллари миқдоридаги (шу жумладан, 388,7 млн доллар фоизлар бўйича) муддати ўтган қарзидан воз кечади. Ўз навбатида, Ўзбекистон Россияга 25 млн доллар тўлайди.