Ўз фаолиятини 2015 йилнинг 15 апрелида бошлаган UZMOBILE GSM мобиль оператори абонентлари сони бир йилдан камроқ вақт ичида ярим миллиондан ошди. Мазкур рақамлар сешанба куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида UZMOBILE вакиллари томонидан эълон қилинди.

Миллий мобиль оператор мақомига эга компаниянинг GSM стандартидаги хизматларидан дастлаб фақатгина пойтахт минтақасида фойдаланиш мумкин эди. 1 декабрдан бошлаб эса тармоқ Ўзбекистоннинг барча вилоятлар марказларида ишлай бошлади.

UZMOBILE бизнес ва маркетингни ривожлантириш хизмати раҳбари Марат Смагиннинг таъкидлашича, айни пайтда ҳам оператор фаолият географияси, ҳам кўрсатилаётган хизматлар спектрини кенгайтириш бўйича фаол жараёнлар кечмоқда.

Шу билан бир қаторда компания 2004 йилдан буён амалда бўлган CDMA-450 EV-DO тармоғини ривожлантириш ишларини давом эттирмоқда.