Сурхандарё вилоятининг Денов туманидаги «Ўрта-Қишлоқ» ва «Ўзгариш» маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи етти нафар фуқаронинг дайди ит томонидан оммавий тишланиши ҳолатлари кузатилди. 25 март куни бўлиб ўтган ҳодиса тўғрисида Ўзбекистон ФВВ матбуот хизмати 5 апрель куни хабар қилди.

Барча жабрланувчиларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, қутуришга қарши вакцинация курси олиб борилиб, уларнинг саломатлиги ҳолати тиббий кузатувга олинди.

Маҳалла ва қишлоқ жойларида қаровсиз ҳайвонларни тутиш ва зарарсизлантириш, фуқароларнинг улардан жабрланишлари олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар кучайтирилган тарзда амалга оширилмоқда.

ФВВ фуқароларни уй ҳайвонларига нисбатан эътиборли бўлиш ва уларни ўз вақтида қутуришга қарши эмлашни таъминлашга чақирди.