Тошкентдаги Гёте институти халқаро «Шлингель» (Schlingel, Германия) кинофестивали ҳамда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги билан ҳамкорликда пойтахт (28 апрель-1 май) ва Фарғона (3-5 май)да навбатдаги «Шум бола» кинофестивалини ўтказади.

Тошкентдаги Гёте институти хабарига кўра, томошабинлар Германиянинг Хемниц шаҳрида болалар ва ёшлар учун «Шлингель» кинофестивали доирасида намойиш этилган фильмларни кўришлари мумкин. Бундан ташқари, томошабинларга ўзбек кинематографларининг анимацион фильмлари ҳам тақдим этилади. Фестиваль режиссёр Франк Штойнинг таниқли эртагининг янги талқинда экранлаштирилган фильми билан очилади.

«Шлингель» фестивали директори Михаил Харбауер бу йилги «Шум бола» фестивалининг фахрий меҳмони бўлади. У Ўзбекистонга германиялик бутун бошли делегация билан ташриф буюради. Ҳамкасбларидан ташқари, унга «Қарсилдоқ ва сичқонлар қироли» фильми продюсери Катарина Вагнер ҳам ҳамроҳлик қилади.

Фестиваль доирасида немис мутахассислари Гёте институти ҳамкор мактаблари ўқувчилари учун анимация санъати бўйича мастер-класс ўтишади.

Сеансларга кириш бепул бўлиб, чипталарни 11 апрелдан бошлаб (+99894) 661-05-13 рақамлари орқали буюртма қилиш ҳамда Гёте институтидан олиш мумкин.

Намойиш жойи: Тошкентда — Алишер Навоий номидаги кино саройи, Фарғонада — Фарғона вилоят Театр-концерт саройи.