28 март куни ўтказилган матбуот анжуманида Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов транспорт муаммолари қандай йўллар билан ҳал қилиниши, шунингдек, жамоат транспорти инфраструктурасида яқин келажакда бўладиган ўзгаришлар ҳақида батафсил гапириб берди. Қуйида матбуот анжумани тафсилотлари билан танишингиз мумкин.

Тошкент кўчаларида автомобиль транспорти миқдорининг тез суръатларда ўсиб бориши кўплаб магистрал ва чорраҳаларда тирбандликларни келтириб чиқармоқда. 10 йил муқаддам шаҳарда 220-230 минг хусусий ва 30-35 минг ташкилотларга қарашли автомобиль бор эди, бугун эса бу кўрсаткичлар 340-345 минг ҳамда 70 мингга тенгдир.

2011 йилда Тошкент транспорт магистралларини истиқболда ривожлантиришнинг янгиланган концепцияси қайта кўриб чиқилиб, тасдиқланган эди. 2030 йилга қадар мўлжалланган йўл тармоқларини ривожлантириш дастури қабул қилинган бўлиб, ҳозир у босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда, деб таъкидлади ҳоким.

2015 йилда эски шаҳар қисмида 5,1 километр узунликдаги Нурафшон кўчаси қурилди. Унинг очилиши автотранспорт воситаларининг шаҳар марказига кечишини бир қадар енгиллаштирди. Илгари «Беруний» метро бекатидан шаҳар марказига машинада 20-25 дақиқа йўл юрилган бўлса, ҳозирда бу вақт 6-7 дақиқани ташкил этмоқда.

Айни пайтда Чилонзор, Учтепа ва Яккасарой туманларидаги кўчаларнинг юкланганлик даражаси юқорилигича қолмоқда. Бу масалани ҳал қилиш мақсадида Нурафшон кўчаси Беруний кўчасидан Оқтепа майдонига қадар узайтирилади. Бу борадаги лойиҳавий ишлар ўтган йили якунланган эди, қурилиш ишлари шу ойда бошланиши кутилмоқда. Қурилиш кўп вақт олмайди — Раҳмонбек Усмоновнинг таъкидлашича, йўл яқин беш-олти ойда очилиши кутилмоқда.

Параллел равишда Нукус кўчасини собиқ «Тоштекстильмаш» заводи ҳудуди орқали Шота Руставели ва Муқимий кўчалари кесишадиган чорраҳага қадар узайтириш ишлари бошланди. Бу участканинг узунлиги 1 километрдан камроқ бўлади, қандайдир объектларнинг бузиб ташланиши талаб этилмайди, негаки унинг қурилиши анча олдин кўзда тутилган эди.

Бу икки йўл бўлимларининг очилиши билан Тошкентда 22 километр узунликдаги учинчи ҳалқа йўли ҳосил бўлади, бу эса, ўз навбатида, шаҳарнинг марказий қисмидаги автотрафикнинг бироз камайишига хизмат қилади. Ҳалқа йўлида ҳар хил сатҳдаги учта йўл ўтказгич бино этилади: биринчиси — Оқтепа майдонидан, иккинчиси — Шота Руставели ва Муқимий кўчаларининг кесишувидан, учинчиси — Бунёдкор ва Муқимий кўчаларининг кесишувидан ўтади.

Бу йўл ўтказгичлар чорраҳаларда светофорсиз ҳаракатни таъминлаб, автотранспорт оқимини бирмунча тезлаштиради. Ҳисоб-китобларга қараганда, Оқтепа майдонида автотранспорт воситалари ҳаракати жадаллиги соатига 10,5 минг машинани ташкил этади, мўлжалланган кўрсаткич эса 8 минг машинага тенг. Худди шундай, Руставели-Муқимий чорраҳасида соатига режадаги 6 минг ўрнига 11,5 минг, Бунёдкор-Муқимий чорраҳасида режадаги 6 минг ўрнига 8,5 минг машина ҳаракатланади.

Кейинги йилда, шунингдек, Сағбон кўчаси ва Кичик ҳалқа йўли кесишувида янги йўл ўтказгич қурилиши бошланади. Бугунги кунда ушбу чорраҳанинг ўтказиш салоҳияти соатига 5,4 минг машинани ташкил этади, аммо у орқали соатига 12 минг автомобиль ҳаракатланади, яъни дисбаланс 222 фоизга тенгдир.

Раҳмонбек Усмонов амалдаги олти трамвай йўналишларининг ёпилиши ҳақидаги ахборотни тасдиқлади. Унинг тушунтиришича, ҳозирда ушбу транспорт воситасидан кунига 20-25 минг ёхуд йилига 10-11 миллион йўловчи фойдаланади. Қиёс учун, автобуслар ҳар куни 720-730 минг, метро — 200 минг, йўналишли таксилар — 70-80 минг йўловчига хизмат кўрсатади.

«Агар трамвай йўловчиларнинг 15-20-25 фоизини ташиганида, бу бизни ўйлантириб қўйган бўларди. Аммо трамвайга йўловчи ташишнинг 3 фоизи тўғри келмоқда, шу боис биз трамвай ҳаракатини ёпиш ҳамда йўлларни реконструкция қилиш, автобуслар ва йўналишли таксиларни кўпайтириш тўғрисида таклиф киритдик», — деди у.

Тошкентда жами 87 трамвай вагони мавжуд бўлиб, улардан 51 таси яроқли ҳолатдадир. Ҳар куни хизматга ўртача 48 вагон чиқади. Фойдаланилаётган трамвай йўлларининг узунлиги 82 километрни ташкил этади.

Раҳмонбек Усмонов, шунингдек, 2011 йилда трамвай йўллари пойтахт марказидан олиб ташланганини, 2015 йилда эса 13-трамвай йўналиши қисқартирилганини эслатиб ўтди. Унинг сўзларига қараганда, қисқартирилган участкада йўл қопламасининг реконструкция ишларидан сўнг ҳаракат оқими меъёрига келтирилган, автобусларнинг эксплуатацион тезлиги эса ошган.

Бундан ташқари, трамвай йўлларининг 90 фоизи замонавий талабларга жавоб бермаслиги, уларни таъмирлашга эса улкан маблағ сарфланиши маълум қилинди. Битта йўловчини трамвайда ташиш таннархи 2864 сўмга тенг, йўлкира нархи эса 1000 сўм. «Бу жуда катта харажат», — деб тан олди шаҳар раҳбари.

Яқин икки ой ичида барча трамвай йўналишлари босқичма-босқич ёпилади, уларнинг ўрнига тегишли белги ва рақамларга эга автобус йўналишлари очилади. Олти йўналишга жами 80 та Isuzu автобуслари жалб қилинади, айрим йўналишлардаги автобуслар миқдори трамвайлар миқдоридан кўпроқ бўлади. Жумладан, 12-йўналишда 1-2 дона трамвай ишлаётган бўлса, эндиликда уларнинг ўрнини 10 та автобус эгаллайди, 13-йўналишда эса 18 та автобус ҳаракатланади.

13-йўналишга автобуслар, илгари режалаштирилганидай, 1 майдан эмас, 5 апрелдан чиқариладиган бўлди. Трамвай йўналиши ёпилишидан икки ҳафта олдин аҳоли трамвай ва автобуслардаги эълонлар орқали бундан бохабар этилади.

Трамвайларнинг автобуслар билан алмаштирилиши графиги

1 апрелдан:

  • Т12 («Бешқайрағоч» — «Беруний» метро бекати) — 10 та автобус;
  • Т26 (Қўйлиқ-6 — «Тошкент» вокзали) — 11 та автобус.

1 майдан:

  • Т9 (Чилонзор-25 — «Тошкент» вокзали) — 18 та автобус;
  • Т13 (Қўйлиқ-марказ — «Тошкент» вокзали) — 18 та автобус.

1 июндан:

  • Т8 («Бешқайрағоч» — Оқтепа майдони) — 10 та автобус;
  • Т17 («Бешқайрағоч» — Ипподром) — 13 та автобус.

Сентябрга қадар шаҳарда 87,8 километр трамвай рельсларининг демонтаж ишлари ўтказилади (ойига ўртача 15 километр). Бунинг ҳисобига йўлларни кенгайтириш режалаштирилмоқда. Шимолий вокзалдан Тараққиёт кўчасигача ҳамда «Дўстлик» метро бекатидан «Янгиобод» даҳасигача борадиган ишлатилмайдиган рельс участкаларида демонтаж ишлари тугатилган. Рельсларнинг бир қисми (Лутфий, Муқимий, Меҳржон-Сайҳун кўчаларида) асфальт билан қопланади. Шу тариқа, жорий ва кейинги бир неча йилда 49,7 километр йўл реконструкция қилинади.

Кенгайтирилиши талаб этилмайдиган кўчаларда (Фарғона йўли кўчаси, Оҳангарон шоссеси, Бунёдкор шоҳ кўчаси, жами 30,3 километр) ободонлаштириш ишлари ўтказилади.

Трамвай хўжалигининг тақдирига тўхталар экан, ҳоким ярим йилдан буён вагонларнинг бошқа давлатлардаги потенциал харидорлари билан ёзишмалар олиб борилаётганини қайд қилиб ўтди. Эксплуатация муддати тугаган эски трамвайлар эса ҳисобдан чиқарилади.

«Жамоат транспортининг келажагини метро билан боғлаяпмиз, — сўзида давом этди Усмонов. — Бугун Тошкент метроси бор қувватида ишламаяпти. Яқин келажакда Юнусобод йўлининг уч янги бекатини қуриш ишлари бошланади».

У аниқ муддатларни айтмади, аммо бир пайтлар тўхтатиб қўйилган лойиҳалаштириш ишлари уч йил муқаддам қайтадан бошланганини эслатиб ўтди.

Шунингдек, у «Олмазор» метросидан Сирғалига қадар «тезкор трамвай» ҳаракати йўлга қўйилиши борасидаги гап-сўзларга изоҳ берди. Аниқлаштирилича, бу трамвай эмас, Чилонзор метро йўлининг давоми экан.

«'Олмазор' бекатидан бошлаб метро ташқарида ҳаракатланади», — аниқлик киритди бу масалага шаҳар маъмурияти раҳбари.

Бу йўл аҳолиси бугунги кунда 150 минг кишини ташкил этадиган, аммо яқин йилларда 250-300 мингга етиши кутилаётган олис Сирғали туманидаги транспорт хизматига бўлган эҳтиёжни қондириш имконини беради. Келажакда метрополитеннинг бошқа йўллари ҳам шу тарзда узайтирилади.

Юқорида тавсифланган режаларнинг амалга оширилиши яқин 30-40 йил давомида шаҳарда транспорт соҳасида бирор муаммо келиб чиқишидан хавотирланишга ўрин қолдирмайди, деб ишонтирди Раҳмонбек Усмонов.

«Ҳозирги пайтда йўллар — шаҳарликлар олдидаги энг катта бурчимиздир», — деди у. Ҳоким Сарикўл ва яна айрим йўллардан юришга ўзи ҳам уялишини тан олди.

«20-30 йилдан бери таъмирланмаган йўллар бор, аммо бу муаммо ҳал этилмоқда. Бу маҳаллалар ичидаги йўлларга ҳам тааллуқлидир», — деб қўшимча қилди Усмонов.

Шунингдек, келажакда йўллар тақсимотининг Европа стандартларига ўтилиши шубҳасиз эканлиги айтилди. Бугун ҳаракатланиш бўлакларининг кенглиги 3,5-3,7 метрга тенг, аммо машиналар ва ҳатто автобуслар олдингига нисбатан анча ихчамлашди, шу боис бўлакларни 3 метргача торайтириш мумкин. Бу ҳаракатни тартибга солиш баробарида алоҳида йўл участкаларининг ўтказиш салоҳиятини оширишга ёрдам беради.

Ҳоким машиналар парковкаси масалани ҳал қилиш мақсадида 30 та кўп сатҳли автотураргоҳлар қурилишини хабар қилиб, бу ишлар билан шуғулланишга тайёр тадбиркорларни ҳамкорликка чақирди.

Ҳоким ўринбосари, «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси раиси Отабек Содиқов пойтахт учун 200 дона (жумладан, юқорида тилга олинган 80 та автобус ҳам) янги Isuzu автобуслари харид қилинаётгани ҳақида маълумот берди. Катта сиғимдаги автобусларни етказиш ишлари эса 2017 йилдан қайта йўлга қўйилади. Йилига ўртача 100 дона бундай автобуслар олиб келинади.

«Дарё» таржимаси