Бухоро вилоятида 1,2 мВт қувватга эга мобиль автоном қуёш электростанцияси ишга тушди. У Россиянинг «ЛУКОЙЛ» компанияси иш олиб бораётган Қандим конидаги объектлар ва инфратузилмаларни энергия билан таъминлайди.

ERIELL компанияси ENESOL (БАА) билан ҳамкорликда бунёд этган электростанциянинг умумий қуввати куннинг ёруғ вақтлари 5000 кВт, тунги вақтларда 1000 кВт га етади. Электростанциянинг бундай сиғими 1500 кишилик аҳолига эга шаҳарчани электр билан барқарор таъминлашга кифоя қилади, дейилади ENESOL пресс-релизида.

Мобиль қуёш электростанцияси электр энергиясини кенг миқёсда ишлаб чиқариш учун барча ечимларни ўз ичига олади. Ундаги барча ускуналар махсус контейнерлардан ўрин олгани боис электростанцияни қисмларга ажратиш ва бошқа жойга кўчириш мумкин.

Мутахассислар баҳосига кўра, саноатга жорий этилган мазкур станция шу вақтга қадар МДҲда ишга туширилган мобиль автоном қуёш электростанцияларнинг энг йириши саналади.