Оксана Чусовитина Германиянинг Котбус шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича ўтказилган Жаҳон кубогининг навбатдаги босқичида олтин медални қўлга киритди. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Дунёнинг 33 давлатидан келган 100 нафардан зиёд спортчи иштирокида ўтган мусобақада ўзбекистонлик гимнастикачи таяниб сакраш баҳсларида энг юқори натижани кўрсатиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

Мазкур жаҳон кубоги босқичи жорий йилнинг апрель ойида Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказиладиган лицензион мусобақа олдидан ўзига хос тайёргарлик босқчи вазифасини ҳам ўтаб берди.

Агарда Оксана Чусовитина ушбу лицензион мусобақада ҳам муваффақиятли иштирок этиб, Рио-2016 ўйинларига йўлланма олса, фаолиятидаги еттинчи Олимпиада ўйинларида қатнашиш имкониятига эга бўлади.

Оксана Чусовитина 1992 йили Барселона Олимпиадасидан бошлаб кетма-кет олтита ўйинларда иштирок этган дунёдаги ягона гимнастикачи ҳисобланади.