Самарқандда Амир Темур таваллудининг 680 йиллигига бағишланган илмий конференция бўлиб ўтди. Мазкур тадбир давлат арбоби ва саркарда таваллуди муносабати билан Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган тадбирлар туркумининг бошланиши бўлди.

Форум очилишида Халқаро Амир Темур жамоат фонди раиси Нозим Хабибуллаев, фонднинг Самарқанд бўлими раҳбари профессор Қўзибой Мамараҳимов, Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али, Темурийлар тарихи давлат музейи директори Хуршид Файзиев, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти профессорлари Усмон Санақулов ва Ахтам Ўролов сўзга чиқишди.

Сўзга чиққанлар Амир Темурнинг бунёдкорлик фаолияти тўғрисида маълумот берар экан, уни атоқли давлат арбоби, енгилмас саркарда, моҳир сиёсатчи, иқтидорли архитектор, ҳуқуқшунос ва ислоҳотчи сифатида тавсифлашди. Унинг шарофати билан Мовароуннаҳр ҳудудида кучли марказлашган давлат барпо этилиб, илм-фан, санъат ва архитектура мислсиз тараққий этди.

«Ҳар йили 9 апрель куни Амир Темур таваллуди муносабати билан бутун мамлакат бўйлаб турли тадбирларни ўтказамиз. Бу йил эса ўзига хос юбилей — Соҳибқироннинг 680 йиллиги нишонланади, — деди Нозим Хабибуллаев ўз интервьюсида. — Мазкур тантаналарнинг айнан қадимий Самарқандда бошланишидан ўзига хос маъно бор. Ахир ушбу донгдор шаҳар бўлғуси империянинг пойтахти этиб танланган ва у мамлакатнинг оёққа туриши ва ривожланишида катта аҳамият касб этган».

Самарқанд ортидан тантанали маросим Амир Темурнинг болалик ва ўсмирлик йиллари ўтган, давлат арбобининг фаолияти бошланган Шаҳрисабзда бўлиб ўтади. Сўнгра тадбирлар мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам ўтказилиб, 9 апрель куни Тошкентдаги Амир Темур ёдгорлиги қаршисида ташкиллаштириладиган тантанали маросим билан якунига етади.