Якшанба куни Ўрмонлар куни (21 март) муносабати билан Тошкент-Чорбоғ трассаси бўйлаб дарахт ўтқазиш акцияси бўлиб ўтди.

Акция иштирокчилари, жумладан, 50 нафардан зиёд талабалар, ўрмон хўжалиги мутахассислари назорати остида янги бунёд этилган турар-жой мавзеларида 1000 дан ортиқ япон сафораси, каштан ва эман сингари дарахтларнинг ёш кўчатларини ўтқазди.

Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси вакилларининг «Газета.uz»га хабар қилишича, мазкур дарахтлар тасодифан танлангани йўқ — япон сафораси ва каштан мевалари шифобахш хусусиятга эга бўлиб, халқ табобатида кенг қўлланилади. Шунингдек, улар ҳавони тозалашда ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Битта катта каштан дарахти 20 минг куб метргача майдонни зарарли газлардан тозалайди. Эман ҳам фитоцид хусусиятлари, эстетик қиёфаси ва узоқ умр кўриши бўйича ўз яшил сафдошларидан қолишмайди.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги қошидаги Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг умумий ўрмон фонди майдони 9,65 миллион гектар ёки республика ҳудудининг 19,5 фоиз қисмини ташкил этади. 1990 йил билан солиштирилганда, ушбу майдон 4 миллион гектарга ошди.

Фото

Видео