26 мартдан бошлаб Тошкентда иккита трамвай йўналиши — 12 («Бешқайрағоч» мавзеси — «Беруний» метроси) ва 26 («Қўйлиқ-6» мавзеси — «Тошкент» вокзали) ёпилган бўлиши мумкин.

Бу ҳақда «Газета.uz»га «Тошкент трамвайи» вакиллари ва трамвай ҳайдовчилари маълум қилди. Иккала йўналишга ҳам эрталабдан трамвайлар чиқмади.

Йўналишларнинг ёпилиши мумкинлиги тўғрисида ҳеч қандай эълон берилгани йўқ — на пойтахт матбуотида, на ҳокимият ёки шаҳар жамоат транспортини бошқарувчи «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси сайтларида.

12- ва 26-трамвай йўналишларининг ёпилиши билан шаҳарда тўртта трамвай йўналиши қолади — 8, 9, 13 ва 17. Трамвай келажаги ҳақидаги режалар ҳозирча номаълум.