24 март куни Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонада ЎЗбекистон қаҳрамони, халқ шоири, мамлакат мадҳияси сўзлари муаллифи Абдулла Орипов таваллудининг 75 йиллигига бағишланган ижодий учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда кутубхона сайтида хабар қилинди.

Шоир ва жамоатчилик фаоли Абдулла Орипов 1941 йили Қашқадарё вилоятида дунёга келди. Ўрта мактабни тугатгач, Тошкент Давлат университети филология факультетининг журналистика бўлимида таҳсил олади. 1963 йилдан буён турли нашриётларда муҳаррир, Муаллифлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш агентлигининг раиси вазифаларида хизмат қилди, депутат ва сенат сифатида сайланди. Абдулла Ориповнинг биринчи шеърлар тўплами «Митти юлдуз» 1965 йили чоп этилган. Кейин шоирнинг «Кўзларим йўлингда», «Онажон», «Руҳим», «Ўзбекистон», «Қасида», «Хотирот», «Юртим шамоли», «Ҳайрат», «Нажот қалъаси», «Йиллар армони» шеърий тўпламлари босилиб чиқди.

«Мен адабиёт ва ижодимни қадрловчилар билан учрашувнинг айнан Ўзбекистон Миллий кутубхонасида бўлиб ўтаётганидан жуда мамнунман. Бугун ўзларининг сўзлари ва қимматли маслаҳатлари билан мени маъқуллаган ҳамда қўллаб-қувватлаган Ғофур Ғулом, Ойбек, Миртемир ва бошқа устозларимни ёдга олишни истар эдим», — деди Абдулла Орипов учрашувда.

Унинг қайд этишича, ўз сатрларида ўзбек халқининг қатъий руҳи ва кучли иродаси, мамлакат бойлиги ва гўзаллиги, шошқин дарёлар, қушлар сайроғини акс эттиришга ҳаракат қилди. Шоир ўзининг янги ижод намуналарини ҳам ўқиб эшиттирди.