Жорий йил аввалидан бошлаб Ўзбекистон прокуратура органлари жисмоний ва юридик шахслардан 64,5 минг мурожаатни қабул қилиб олди. Уларнинг 44 фоизи прокуратура тизимида кўриб чиқилди, дея хабар берди 24 март куни Бош прокуратуранинг «Ҳуқуқ» нашри. Ўтган давр мобайнида прокуратура органларида 27,5 минг фуқаро ҳамда юридик шахслар вакиллари ҳам қабул қилинди.

Бош прокуратуранинг Мурожаатларни қабул қилиш маркази (1007) уч ойдан камроқ вақт мобайнида 17 мингдан зиёдроқ қўнғироқларни қабул қилди. Қарийб 7300 мурожаатга тушунтириш берилган бўлса, 2685 ҳолатда қаноатлантирилди. 60 га яқин протест, қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 45та тақдимнома киритилди.

Кўрилган чоралар натижасида 3 млрд 523 млн сўм миқдорида иш ҳақи, пенсия ва алимент пуллари тўланди, тадбиркорлар ва фуқароларга 1 млрд 221 млн сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилиши таъминланди. Судларга 1 млрд 465 млн сўмлик 163та даъво аризалари киритилди.

Жиддий қонун бузилиши ҳолатлари бўйича 54 та жиноят иши қўзғатилди. Шунингдек, қонун бузилишига йўл қўймаслик ҳақида 5 нафар мансабдор шахс расман огоҳлантирилди, 205 нафар шахс интизомий, 174 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди.

Хабар қилинишича, ишонч телефонига келиб тушган ва ўтказилган текширувлар давомида мурожаатда кўрсатилган важлар ўз тасдиғини топмаган ҳолатлар бўйича мурожаат муаллифларининг ўзларига нисбатан ҳам қонуний чоралар кўрилмоқда. Хусусан, бу даврда ишонч телефонига мурожаат қилган ариза ва шикоят муаллифларининг 9 нафарига нисбатан МЖтКнинг 40- моддаси (туҳмат, жарима — энг кам ойлик иш ҳақининг 20 дан 60 баробаригача) билан маъмурий иш қўзғатилган бўлса, 2 нафарига ЖКнинг 139- моддаси (туҳмат, жарима — ЭКОИҲ 200 баробарига қадар) билан жиноят иши қўзғатилди.