Ўзбекистон пойтахтида мавжуд трамвай йўлларини демонтаж қилиш ишлари давом эттирилмоқда. Тугатилаётган навбатдаги кесим «Тошкент» вокзали ва Тараққиёт кўчаси ўртасидаги участка бўлди. Чоршанба куни кечқурун вокзал қаршисидаги Туркистон кўчасидаги алоқа тармоғи олиб ташланган бўлса, пайшанба куни эрталабдан темир йўл излари демонтажи бошланди.

Кичик ҳалқа йўли бўйлаб Темир йўл техникаси музейидан Тошкент тиббиёт академияси (эски ТошМИ)гача бўлган мазкур кесим 2011 йилда қурилган эди. Талабгир ва даромадли йўналишлардан бири ҳисобланган трамвайнинг 13-йўналиши вокзалдан ТТЗ мавзесига қадар қисқартирилганидан сўнг Тараққиёт кўчасидан Янгиобод мавзеси (Роҳат)гача янги тармоқ қурилиши борасидаги режалар ошкор қилинган эди. Бироқ мазкур режалардан воз кечилди.

Таҳририятдаги мавжуд маълумотларга кўра, 1 апрелдан трамвайнинг 12-йўналиши («Беруний» метро бекати — «Ибн Сино» — «Бешқайрағоч») ёпилади. «Газета.uz» мухбири суҳбатлашган трамвай ҳайдовчилари, депо ходимлари, диспетчерлар ҳамда «Тошшаҳартрансхизмат» ва «Тошкент трамвайи» компаниялари вакиллари 26-йўналиш («Қўйлиқ-6» — «Тошкент» вокзали)нинг ҳам ёпилиш эҳтимоли мавжудлигини маълум қилди.

Бундан ташқари, суҳбатдошларга кўра, Тошкент трамвайининг бир неча ойлик умри қолган бўлиши мумкин. Мазкур маълумотни тасдиқлашнинг имкони бўлмади.

Фото