«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси бош директори Валерий Тян Латвия Вазирлар Маҳкамасининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди, дея хабар қилди МАК матбуот хизмати.

Мазкур фахрий ёрлиқ Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашдаги ҳиссаси ҳамда давлатлараро транспорт алоқаси ва юк ташишлар ривожидаги роли учун тақдим этилди.

Ўзбекистон миллий авиаташувчиси раҳбарига мукофотни Латвиянинг Тошкентдаги элчиси Эдгарс Бондарс топширди.

Валерий Тян 40 йиллик умрини фуқаро авиациясига бағишлади. 2002 йилдан буён Миллий авиакомпанияга раҳбарлик қилиб келмоқда. Унга қадар эса Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекциясини бошқарган бўлса, унгача — МАК бош директорининг биринчи ўринбосари ва Давлат назорати қўмитаси бош директори ўринбосари лавозимларида фаолият олиб борган.

Ўзининг меҳнат фаолияти мобайнида Валерий Тян Ан-2, Ан-24, Ил-62, Ил-76, Ил-86, А-310 самолётларини командир сифатида бошқарган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган транспорт ходими ва бошқа кўплаб давлат мукофотлари эгаси ҳисобланади.