2015 йил натижаларига кўра, иқтисодий фаол аҳоли сони 13 миллион 767,7 минг кишини ёки аҳоли умумий сони (31,5 миллиондан зиёд)нинг 44,0 фоизини ташкил қилди. Дастлабки маълумотларни Давлат статистика қўмитаси эълон қилди.

2015 йилда иқтисодиётда банд бўлган аҳоли сони 13 миллион 058,3 минг кишини ташкил қилди ва 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 1,9 фоизга ошди. Бандлар сонининг сезиларли ўсиш даражаси транспорт ва алоқа соҳасида (+3,8 фоизга), уй-жой коммунал хўжалиги ва аҳолига маиший хизмат кўрсатишнинг ноишлаб чиқариш турида (+3,6 фоизга), савдо, умумий овқатланиш, таъминот ва тайёрлов соҳасида (+3,5 фоизга) ва қурилишда (+3,3 фоизга) кузатилди.

2015 йилда иқтисодий фаол аҳолининг бандлик даражаси (иқтисодиётда банд аҳолининг иқтисодий фаол аҳоли сонига нисбати) 94,8 фоизни ташкил этди.

Нодавлат секторида банд бўлганларнинг жами бандлар сонидаги улуши 82,2 фоизга етди, бу кўрсаткич 2014 йилнинг шу даврида 81,9 фоизни ташкил қилган.

2015 йил декабрь ойи охирида меҳнат идораларида иш қидирувчилар сифатида рўйхатдан ўтган аҳоли сони 2700 кишини ташкил қилди ва бу кўрсаткич 2014 йилнинг шу даврига (3400 киши) нисбатан 20,5 фоизга камайди. Ишсизлар сони (ишга жойлаштиришга муҳтож меҳнат билан банд бўлмаган аҳолини ҳисобга олиш методикасига асосан аниқланган) 709,4 минг кишини ташкил қилди ва иқтисодий фаол аҳоли сонига нисбатан ишсизлик даражаси 5,2 фоизга тенг бўлди.