22 март куни Пекин шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Котибиятида аъзо давлатлар раҳбарларининг Уфа саммити қарорига мувофиқ Непал Федератив Демократик Республикасига мулоқот бўйича шерик мақомини бериш тўғрисидаги меморандум имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Меморандум Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Рашид Алимов ва Непал ташқи ишлар бўйича давлат вазири Шанкер Байраги томонидан ШҲТга аъзо давлатларнинг дипломатик ваколатхона раҳбарлари ҳамда ШҲТ Котибиятидаги доимий вакиллари иштирокида имзоланди. Маросимда Непал бош вазири Кхадга Прасад Шарма Оли ҳам иштирок этди.

Меморандум ШҲТ ва Непал ўртасидаги минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни тарғиб қилиш, терроризм, экстремизм, сепаратизм, гиёҳванд моддаларни ноқонуний ишлаб чиқариш ва уларнинг савдосига қарши курашиш, шунингдек савдо, инвестиция, энергетика ва бошқа йўналишларда ҳамкорлик қилишни кўзда тутади.