19 март куни маҳаллий вақт билан 3:42да Россиянинг Ростов-на-Дону аэропорти ҳудудида flydubai авиакомпаниясининг Boeing 737-800 самолёти қайта қўнишни амалга ошириш чоғида ҳалокатга учради.

Лайнер Дубай — Ростов-на-Дону йўналиши бўйича №981 рейсини амалга ошираётган эди. Россия ФВВ маълумотига кўра, самолёт бортида 62 киши, шу жумладан, 55 йўловчи ҳамда 7 нафар экипаж аъзоси бор эди ва уларнинг барчаси ҳаётдан кўз юмган.

Аксарият йўловчилар — россияликлардан иборат. Шунингдек, самолётда бир қанча хориж фуқаролари бўлгани, улар орасида, ҳозирча тасдиқланмаган маълумотларга кўра, бир ўзбекистонликнинг ҳам борлиги айтилмоқда.

Тахминий маълумотларга кўра, ҳодисага мураккаб об-ҳаво шароити сабаб бўлган. Самолёт қўнишдан аввал кутиш ҳудудида икки соатдан зиёдроқ вақт давомида парвоз қилган.

Flydubai учун мазкур фалокат компания ташкил топган 2009 йилдан буён илк маротаба содир бўлди.

Якшанба куни Ростов вилоятида мотам куни деб эълон қилинди.