Ўзбекистон пойтахтидаги йўлларнинг умумий узунлиги, Тошкент ҳалқа автомобиль йўлини ҳисобга олмаганда, келгусида ҳозирги 630 километрдан 879 километрга ёки 40 фоизга узайтирилади. Бу ҳақда Тошкент Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси бошлиғи в. б. Рустам Раҳматуллаев «Народное слово» газетасига берган интервьюсида маълум қилди.

Кўрсатиб ўтилган рақамлар турли даражадаги транспорт боғламаларини ҳам ўз ичига олади. Жумладан, Себзорда бунёд этилган боғламага ўхшаш иншоотлар Бунёдкор ва Муқимий кўчалари (метронинг «Новза», собиқ «Ҳамза» бекати) ҳамда Оҳангарон шоссеси ва Тошкент ҳалқа автомобиль йўли кесишмалари («Роҳат» айланаси)да ҳам қурилиши режалаштирилган.

Газета суҳбатдоши аниқ муддатларни маълум қилгани йўқ. Аввалроқ Роҳатдаги боғлама жорий йилда қурилишини хабар қилинган эди.