Тошкентдаги «Олмазор» (собиқ «Собир Раҳимов») метро бекатидан Сергели мавзесига қадар тезюрар трамвай тармоғи қурилади. Ушбу маълумотни Тошкент Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси бошлиғи в. б. Рустам Раҳматуллаев «Народное слово» газетасига берган интервьюсида тасдиқлади.

Рустам Раҳматуллаев шаҳарда метрополитеннинг янги бекати қурилиши давом эттирилиши ва унинг тармоғи узунлиги 6,5 километрга узайтирилишини ҳам маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, мазкур лойиҳалар «транспортга оид вазиятни сезиларли даражада яхшилайди». Бироқ у қурилишларнинг аниқ муддатларини ошкор қилмади.

Йўллардаги тирбандликларни бартараф этиш мақсадида пойтахт чегараларида тўққизта автостанция барпо этилишига ҳам кўзда тутилган бўлиб, улар орқали пойтахтга келаётган йўловчилар шаҳар транспортида ўз йўлида давом этади, дея маълум қилди Раҳматуллаев.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун муқаддам шаҳар маъмурияти томонидан Тараққиёт кўчаси (эски ТошМИ)дан «Роҳат» станциясига қадар трамвай линиясининг қурилиши бекор қилингани маълум бўлган эди.