Тошкент билан биродарлашган Сиэтл шаҳрида нишонланадиган Наврўз байрамида 500 нафарга яқин америкаликлар иштирок этади. Бу ҳақда АҚШ элчиси Памела Спратленнинг Наврўз айёми муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган табригида сўз боради.

«Аминманки, улар байрам дастурхонига тортиладиган анъанавий сумалак ва паловдан баҳраманд бўлишади, қолаверса, икки мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш йўлида барчамиз биргаликда меҳнат қилар эканмиз, ўзбек оилаларига тинчлик, мустаҳкам соғлик ва омад тилашда менга қўшилишади», — дея қайд этди дипломат.

Сиэтл ва Тошкент ўртасидаги дўстона алоқалар 1973 йилда ўрнатилган.

Тошкент-Сиэтл биродарлашган шаҳарлар ассоциацияси маълумотларига кўра, Сиэтлда анъанавий байрам тадбири 26 март куни бўлиб ўтади.