16 март куни Тошкентдаги «Туркистон» саройида Ўзбекистон ва Хитойнинг баҳор байрамлари — Наврўз ҳамда Чуньцзега бағишланган концерт бўлиб ўтди, дея хабар қилди «Туркистон-пресс» НАА. Ушбу концерт пойтахтимиздаги Хитой миллий маданият маркази томонидан ташкиллаштирилди.

«Мазкур байрамлар Хитой ва Ўзбекистон учун муҳим ва тантанали анъанавий байрамлар ҳисобланади. Улар баҳорнинг кириб келаётгани ва табиатнинг уйғониши, мўл хирмонга бўлган янги умидлар рамзи», — деди Хитой Халқ Республикаси элчиси Сунь Лицзе ўз сўзида.

Хитой миллий маданий маркази бу йил 15 йиллигини нишонламоқда. Унинг раиси Янь Яоюннинг қайд этишича, бу йиллар давомида хитой тилини ўрганиш бўйича ўқув маркази кенгайди, аудитория янгиланди, катта кутубхона қурилди, ушу ва рақс ансамбли бўйича марказ ташкил этилди. Режада — хитой рақси тўгараги ҳамда интернет ва Хитой телевизион дастурларига уланган ахборот-кўнгилочар марказ ташкил этиш.

Концерт дастурида Ўзбекистон ва Хитойнинг бетакрор миллий рақслари, куй-қўшиқлар ва ёш спортчилар чиқишлари тақдим этилди.