Дубай (БАА)да имконияти чекланган спортчилар ўртасида енгил атлетика бўйича бўлиб ўтаётган халқаро Гран-при мусобақасида Ўзбекистон вакиллари учта олтин медални қўлга киритди.

Миллий паралимпия ассоциацияси матбуот хизматининг хабар қилишича, ҳамюртларимиздан Маъруфжон Муродуллаев 1500 метрга югуриш бўйича 4 дақиқаю 3 сониялик натижа билан Осиё рекордини янгилади ва олтин медалга сазовор бўлди.

Мансур Абдурашидов 100 метр масофада 11,30 сония натижа қайд этиб, олтин медалга эга бўлди.

Қизлар баҳсида найзани 42,79 метрга улоқтирган Нозимахон Қаюмова терма жамоа ҳисобига учинчи олтин медални тақдим этди.

20 мартгача бўлиб ўтадиган Гран-прида Ўзбекистондан 10 нафар паралимпиячи иштирок этмоқда. 

XV Паралимпия ўйинларига йўланма берувчи турнирда 50 га яқин давлатдан 600 дан ортиқ спортчилар медаллар учун куч синашмоқда.