Меҳриддин Абдуллаев Бухоро вилояти ҳокимининг маъмурий масалалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ўзини ўзи бошқариш органлари ва ёшлар сиёсати бўйича ўринбосари лавозимига тасдиқланди.

Бунга қадар у бир йил давомида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги қошидаги Республика йўл жамғармасининг ижрочи директори, унгача — 2012 йилдан — молия вазири ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Меҳриддин Абдуллаев (1969 йилда туғилган) — Тошкент давлат иқтисодиёт университети (1993) ва Тошкент давлат юридик институти (2005) битирувчиси.

1993-1994 йилларда Марказий банкнинг Жондор туман (Бухоро вилояти) бўлими бош иқтисодчиси, 1994-1997 йилларда — «Пахта банк»нинг туман бўлими етакчиси, сўнгра бош мутахассиси, 1997-2003 йилларда — «Асака» банкининг Бухоро вилоят филиалида бошқарувчи ўринбосари ва бошқарувчи лавозимларида ишлаган.

2003-2006 йилларда Марказий банкнинг Бухоро вилоят бўйича бош бошқармаси бошлиғи, 2006-2010 йилларда — Ўзбекистон Миллий банки раисининг биринчи ўринбосари, 2010-2012 йилларда — Молия вазирлиги қошидаги бюджетдан ташқари Пенсия жамармаси ижрочи директори бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 24 февралдаги қарори билан вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимиятларининг бошқарув аппаратининг янгиланган тузилмаси тасдиқланди. Ўзгаришларга кўра, вилоятлар ва пойтахт ҳокимлари ўринбосарлари сони ҳокимнинг маъмурий масалалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ўзини ўзи бошқариш органлари ва ёшлар сиёсати бўйича биринчи ўринбосари лавозимининг жорий этилиши ҳисобига беш нафардан олти нафарга оширилди.