Жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб Ўзбекистон банклари томонидан жисмоний шахсларнинг пластик карточкалари ҳисобварағидаги қолдиқ маблағларга ҳисобланадиган фоизлар Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси (9 фоиз)дан кам бўлмаган миқдорда белгиланади. Бу ҳақда Марказий банкнинг Пул муомаласи департаменти директори ўринбосари Фахриддин Бобоевга таянган ҳолда МБ ахборот хизмати хабар берди.

Мазкур ўзгариш Марказий банк ва Ўзбекистон банклар ассоциацияси банклараро чакана тўлов тизимида мижозларга хизмат кўрсатишда сўм пластик карточкалари орқали ҳисоб-китобларни амалга оширишда банк ва нобанк кредит ташкилотлари амал қилиши лозим бўлган тарифларнинг янги режасида кўзда тутилган.

«Ҳозирга қадар пластик карточкадаги қолдиқ маблағлар тижорат банклари томонидан Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг йиллик 1 фоизи миқдорида капиталлаштирилар эди», — деди Фахриддин Бобоев.

Тариф режасида, шунингдек, жисмоний шахслар пластик карточкаларининг (иш ҳақи, пенсия, нафақа, стипендия ва оилавий карточкалар, шу жумладан корпоратив карточкалар) фойдаланиш муддати тугаганда қайта эмиссия қилишда (алмаштиришда) банк хизмати ҳақи ундирилмаслиги қатъий белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, эндиликда банк эмитентидан қатъи назар, жисмоний шахснинг пластик карточкасидаги маблағлар бошқа бир жисмоний шахс пластик карточкасига ўтказилганда ёки кирим қилинганда банк хизмати ҳақи ундирилмайди.

«Буни оддий қилиб айтсак, — дея давом этди Фахриддин Бобоев, — А банкнинг мижози ўз пластик карточкасидаги пулларни Б банкнинг мижози бўлган шахс пластик карточкасига исталган ҳудудда ўтказиш имконига эга бўлди. Ҳозирга қадар бу тарзда, яъни бир банкнинг мижози иккинчи бир банк мижозига пул ўтказиши техник сабабларга кўра амалга оширилмас эди. Бу каби қулайлик, шубҳасиз, нақд пулга бўлган талабни камайтириб, пул айланишининг тезлашишига шароит яратади».

Янги тарифлар режасида тадбиркорлик субъектларига ҳам қатор қулайликлар яратилган. Улар учун корпоратив пластик карточка эмиссия қилинганда максимал банк хизмати ҳақи Марказий банк расмий курси бўйича 20 евродан 5 еврогача пасайтирилди. Яроқсиз ва йўқолган корпоратив карточкалар янгисига алмаштириб берилаётганда эса банк 10 еврогача (илгари 25 еврогача) хизмат ҳақи ундиради.

Фахриддин Бобоевнинг таъкидлашича, банклар томонидан пластик карточкалар асосида ҳисоб-китоблар тизимини янада ривожлантириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қулайликларни кенгайтириш борасидаги изланишлар давом эттирилади.