Мустақиллик йилларида Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимини демократик асосда изчил ислоҳ этиш, мустаҳкамлаш ва эркинлаштириш борасида тизимли, кенг кўламли ҳамда самарали ишлар амалга оширилмоқдаки, бу жаҳон ҳамжамиятининг алоҳида эътибори ва эътирофига сазовор бўлаётир.

АҚШда фаолият кўр­сатаётган Гэллап институти ижтимоий фикрни ўрганиш маркази «Қонуний тартибларга итоат қилиш индекси» бўйича 2015 йилда Ўзбекистон дунёдаги 141 та давлат орасида 2-ўринни эгаллаганини эътироф этди.

Мамлакатда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар босқичма-босқич, тадрижий йўл билан амалга оширилмоқда. Чунончи, 1991-2000 йилларни қамраб олган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг биринчи бос­қичи — ўтиш даври ва миллий давлатчилик асосларини шакллантиришдан ибо­­ратдир. Бу даврда демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш борасида зарурий инс­титуционал ва ҳуқуқий асослар яратилди.

Шу жумладан, суд-ҳуқуқ тизимининг конституциявий ва жиноят-процессуал кафолатлари таъминланди. Мустақил суд тизими ташкил этилди, жиноят, жиноят-процессуал ва жиноят-ижроия қонунчилик тизими ишлаб чиқилди.

Жиноят процессида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича институтлар фаолияти йўлга қўйилди. Суд жараёнида айб­лов ва ҳимоя тенглигини таъминлашнинг таъсирчан ҳуқуқий механизмлари яратилди. Апелляция тартибида иш юритиш жорий этилди.

Иккинчи босқич, яъни 2001-2010 йилларни ўз ичига олган муддат — фаол демократик янгиланишлар ва мамлакатни модернизация қилиш, қонунчилик, суд-ҳуқуқ тизими ва ижтимоий-гуманитар соҳаларни изчил ис­лоҳ қилиш даври бўлди. Уш­бу даврда қонунчилик амалиётига биринчи марта жиноят ишларини судда кўриш жараёнига ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этиш институти киритилди.

Шулар қаторида мол-мулк­ни мусодара қилиш жазоси бекор қилинди. «Хабеас корпус» институти жорий этилиб, қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилди.

Ҳимоячининг ҳуқуқий мақоми такомиллаштирилиб, адвокатнинг ишда иштирок этиш тартиби енгиллаштирилди ва унинг ваколат доираси кенгайтирилиб, далиллар тўп­лаш ҳуқуқига эга бўлди.

Суд-ҳуқуқ ис­лоҳотларининг ҳозирги бос­қичи 2011-2016 йилларни қамраб олади. Амалдаги босқичда айни вақтга қадар, жумладан, судлар жиноят ишини қўзғатиш ҳуқуқига эга субъектлар доирасидан чиқарилди. «Хабеас корпус» институти кенгайтирилиб, айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш судлар ваколатига ўтказилди. Суд мажлиси жараёнида айблов хулосаси суд эмас, прокурор томонидан ўқиб эшиттирилиши белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссия­си фаолияти янада такомиллаштирилди. Қо­лаверса, судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, тадбиркорлик субъект­лари томонидан содир этиладиган иқтисодий жиноятлар учун тайинланадиган жазолар либераллаштирилди. Қонунчиликдан «Масъул мансабдор шахс» атамаси чиқарилди. Яна бир эъ­тиборли натижа — «e-sud» миллий электрон судлов ахборот тизими муваффақиятли синовдан ўтказилди.

Давлат раҳбарининг мамлакатни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида таъкидланганидек, хусусий мулкдорлар ва тадбиркорларнинг қонуний ҳу­қуқларини ҳимоя қи­лиш, уларнинг фаолияти кафолатларини кучайтириш масаласини ҳал этишда суд органлари ролини оширишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Судлар тегишли даъво аризаси кўриб чиқилаётган пайт­да тадбиркорлик субъекти назорат органининг қароридан норози бўл­са, унинг ижросини тўх­татиб туриш ҳуқуқига эга бўлди.

Шу ўринда 2015 йил 29 декабрда қабул қилинган «Ўз­бекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўз­гартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун ҳам суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштиришда муҳим аҳа­мият касб этаётганини таъкидлаш лозим. Ушбу қонун билан давлат қурилиши ва бошқаруви, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларига доир ўттиздан ор­тиқ қонун ҳужжатига ўз­гартиш ва қў­шимчалар киритилди.

Бу ҳақда сўз борганда, аввало, Жиноят кодексига белгиланган тақиқларни (чекловларни) бузган ҳолда биноларни, иншоотларни ёки бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш учун жиноий жавобгарлик белгилашга қаратилган 2293-модда ҳам­да мазкур модданинг процессуал асослари Жиноят-процессуал кодексига киритилганини таъкидлаш лозим. Ушбу ўзгартишлар шаҳарсозлик фаолияти соҳасида қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлашга, соҳадаги давлат ор­ганла­рининг қонуний фаолияти учун шарт-шароит яратишга ҳам­да фуқароларнинг уй-жойга бўл­ган ҳуқуқларини қўшимча равишда кафолатлашга хизмат қилади.

Шунингдек, мазкур қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига бешта ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, жамоат жойларида тамаки маҳсулотини истеъмол қи­лиш учун маъмурий жавобгарликни белгиловчи янги 561-модда киритилди.

Хусусан, эндиликда иш жойларида, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, ёнғин чиқиш хавфи бўлган жойларда, шу жумладан, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида ва бошқа жамоат жойларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун маъмурий жавобгарлик белгилаб қў­йилди. Бу нормалар фуқаролар, айниқса, ёшлар саломатлигини муҳофаза қи­лишга, баркамол авлодни тарбиялашга, жамоат мулкини ҳимоя қилишга, шунингдек, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъ­мин­лаш­га қаратилган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиланишлар моҳият-эътибори билан судлар мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, одил судлов самарадорлигини янада ошириш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини амалда тўлиқ ҳимоя қилишга, бир сўз билан айтганда, мамлакатда ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъ­минлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.