19 февраль куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатида Сенат Кенгашининг ҳамда Қонунчилик палатаси Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда прокуратура органлари фаолияти устидан парламент назорати самарадорлигини ошириш масалалари кўриб чиқилди, хабар берди ЎзА.

Парламент назоратини ҳамда прокуратура органлари фаолиятининг қонунийлигини кучайтириш зарурлиги ҳақида Президент Ислом Каримов Ўзбекистон Конституциясининг 23 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишдаги маърузасида таъкидлаб ўтган эди.

Ҳозирги вазият ҳамда изчиллик билан амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар парламентнинг юқори палатаси олдига прокуратура органлари фаолияти устидан назорат ўрнатишнинг янги шакл ва усулларини жорий этиш самарадорлигини ошириш бўйича долзарб вазифалар қўймоқда, дея таъкидланди мажлисда.

Прокуратура ораганлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштириш, прокуратура органларининг мамлакатда қонун устуворлиги ва қонунийликни, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга доир ишларининг самарадорлигини ошириш мақсадида Сенат ҳамда Қонунчилик палатаси кенгашларининг Олий Мажлис Сенатининг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси тузиш тўғрисидаги қўшма қарори қабул қилинди.

Комиссия зиммасига прокуратура органлари фаолияти устидан, қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича улар зиммасига юклатилган вазифалар бажарилишининг самарадорлиги устидан мунтазам парламент назоратини амалга ошириш, прокуратура органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини ҳар томонлама ўрганиш ва умумлаштириш, прокуратура органлари фаолиятини тартибга солиб турувчи қонун ҳужжатларини, шунингдек, уларнинг ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва иш усулларини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш вазифалари юклатилди.

Қарорда белгиланганидек, комиссия аъзолари Сенат томонидан сенаторлар орасидан, республиканинг барча минтақаларининг вакили бўлган 15 кишидан иборат таркибда Сенат ваколати муддатига сайланади.

Комиссия ўз олдига қўйилган вазифалар бажарилишининг бориши тўғрисида бир йилда икки марта Сенат Кенгаши олдида ҳисоб бериши белгилаб қўйилди.