15 февраль куни ўзбекистонлик умра зиёратчиларнинг 230 нафардан иборат дастлабки гуруҳи Саудия Арабистонига жўнаб кетди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати хабар берди.

Баҳорги умра зиёратини жами 5498 нафар фуқаро амалга оширади. Бунинг учун 26 мартга қадар «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси Жиддага 24 та чартер рейсини ташкил этади.

Зиёратчиларга мавсум давомида ўзбекистонлик 8 нафар ишчи гуруҳи, 107 нафар гуруҳ раҳбари, 27 нафар шифокор ва 8 нафар ошпаз хизмат кўрсатади.

Ўзбекистонлик ҳожилар Мадина шаҳрида 3 кеча ва 4 кундуз бўлиб, бу ердаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилгандан сўнг Макка шаҳрига йўл оладилар.

25 февраль кунидан 5 апрель кунига қадар зиёратчиларнинг ватанга қайтишлари режалаштирилган.