Тошкентда йўловчи ташиш соҳасида назорат кучайтирилади. Бу ҳақда шанба куни пойтахт хокимлигида бўлиб ўтган брифингда хабар берилди.

Шаҳар ҳокими 13 январь куни тасдиқлаган тадбирлар режасига кўра, «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, Ўзбекистон Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги шаҳар бўлими, давлат солиқ хизмати ва ҳокимликнинг Йўловчи ташиш транспортининг барча турларини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш департаменти вакилларидан иборат 11 та махсус гуруҳ тузилган эди.

Ўтган бир ой мобайнида улар томонидан 310 та рейд ўтказилган. Натижада 9200 та автомобиль воситаси текширилган ва 1850 та қоидабузарлик ва камчиликлар аниқланган.

Солиқ инспекцияси томонидан 160 дан ортиқ қоидабузарлик аниқланиб, уларни содир этган шахсларга чоралар кўрилди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари йўловчи ташиш қоидаларини бузганлиги учун 800 дан ортиқ автотранспорт бирлиги, жумладан, 600 та Damas машинасини жарима майдончаларига етказган.

15 февралдан эътиборан рейдларни ўзказиш учун тузилган гуруҳлар сони 11 дан 47 гача оширилди. Улар транспорт воситалари тўпланадиган жойлар, автобус бекатлари, такси тўхташ жойлари ва йўлларнинг бошқа қисмларини алоҳида назорат остига олади.

Брифингда, бундай чоралар фуқаролар ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва ноқонуний йўловчи ташиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилганлиги таъкидланди.