Хосе Мария Мендез бошчилигидаги футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Осиё чемпионати-2016 гуруҳ босқичидаги сўнгги ўйинида Ливанни 2:0 ҳисобида мағлуб этди, хабар бермоқда Футбол федерацияси матбуот хизмати.

Ўзбекистон терма жамоаси аввалги турда гуруҳдан биринчи ўрин билан чиқиш масаласини ҳал қилиб бўлганди. Ливан эса гуруҳдан чиқиш учун имкониятни сақлаб қолган ва иккинчи ўрин учун курашаётганди. Шунга қармай, Ўзбекистон терма жамоаси турнир мезбони сифатида мухлисларга яна бир ғалабани тақдим этиш мақсадида майдонга тушди ва буни амалга оширди.

Якшанба куни ўйинни томоша қилиш учун «Ўзбекистон» спорт мажмуасига ташриф буюрган мухлислар Жавлон Аноров ҳамда Фарҳод Абдумавлонов томонидан киритилган голларга гувоҳ бўлишди.

Шу тариқа Ўзбекистон терма жамоаси ўз гуруҳидага барча рақибларни мағлуб этиб, гуруҳдан биринчи ўрин билан чорак финала йўл олди.