Ўзбекистон фуқаросининг нобиометрик паспорти амал қилиш муддати тугамаган бўлса, паспорт эгаси томонидан фақат Ўзбекистонга қайтиш ҳужжати сифатида ишлатилиши мумкин. Бу ҳақда «Ўзбекистон Республикасининг ваколатли идоралари қарорига» таянган ҳолда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Эски намунадаги паспорт Ўзбекистонга қайтаётганда учинчи давлат ҳудудидан транзит ўтишга ҳам ишлатилиши мумкин.

«Мазкур маълумот хорижий давлатларга етказилди. Ушбу тартиб хорижий мамлакатларнинг тегишли идоралари томонидан ўзларининг жойлардаги бўлимларига етказилганидан сўнг 2018 йилнинг 1 июлига қадар амал қилади», — дейилади хабарда.

Ўзбекистон фуқаролари республикадан хорижга чиқишлари учун биометрик паспорт талаб қилинади.