Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва Корея Республикаси Миллий сайлов комиссияси 2 февраль куни Тошкентда ҳамкорлик қилиш меморандумини имзолади. Бу ҳақда МСК матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳужжатга Ўзбекистон МСК раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов ҳамда Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси (БСОА) ва Жанубий Корея Миллий сайлов комиссиясининг бош котиби Ким Ён Хи имзо чекди.

Меморандум сайлов тўғрисидаги қонунчиликни ва сайлов амалиётини такомиллаштириш соҳасида тажриба алмашуви, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш соҳасида ахборот алмашиш, сайлов жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилишга қаратилган қўшма тадбирлар ва лойиҳалар амалга оширишни назарда тутади.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси БСОАнинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади. БСОА қароргоҳи Инчхон шаҳрида (Корея Республикаси) жойлашган халқаро ташкилот сифатида 2013 йил октябрь ойида ташкил топган. Ҳозирги вақтда у 102 мамлакатнинг 106 та сайлов органини бирлаштиради.

Ташкилотнинг мақсади очиқ, шаффоф сайловлар ташкил қилиш ва ўтказиш масалаларида ахборот ҳамда тажриба алмашиш бўйича халқаро ҳамкорликка кўмаклашишдан, шунингдек, сайлов органларини демократик сайлов ўтказишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини, касбий даражасини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришда қўллаб-қувватлашдан иборат.