Ўзбекистон Президентининг 26 январдаги қарорига мувофиқ маданият ва спорт ишлари вазири ўринбосари лавозимига Аббосжон Мирзораҳимов тайинланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Янги лавозмига тайинланишидан аввал Аббосжон Мирзораҳимов Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Маданий-маърифий муассасалар, музейлар, ахборот-ресурс марказлари бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

У 1997-2001 йиллар Термиз давлат университети (бакалавр), 2001-2003 йиллар Ўзбекистон Миллий университети (магистр), 2006 йил Фанлар академияси Тарих институти (аспирантура), 2011-2012 йилларда Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида таҳсил олган. Тарих фанлари номзоди.

Янги вазир ўринбосари Маънавий-маърифий муассасалар, музейлар ва ахборот-ресурс марказлари бошқармаси, Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси, Бадиий экспертиза бошқармаси, «Ўзбекмузей» республика жамғармаси, мамлакат музейлари, кўзи ожизлар учун кутубхоналар ҳамда «Мозийдан садо» журнали таҳририяти ишини мувофиқлаштиради.