БМТТД ва Савдо-саноат палатасининг «Ўзбекистон бизнес-форуми (III босқич)» лойиҳаси Тошкентнинг 15 дан ортиқ олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда стартап ташаббусларини қўллаб-қувватлаш дастурини бошлаб юборди. Бу ҳақда лойиҳа матбуот хизмати хабар берди.

Стартап ташаббусларни яқиндан қўллаб-қувватлаш дастури талабалар ва ёш олимлар учун ўз стартапларини амалга ошириш ва тадбиркорлик соҳасида ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун имкониятлар яратади.

Лойиҳа иштирокчиларга стартап ғояларни амалга ошириш кўникмаларини эгаллаш, якка тартибда бизнес-мураббийнинг маслаҳатларини олиш, кўзланган маҳсулот ёки хизматнинг минимал ишчи моделини ишлаб чиқиш ва синаш ҳамда истиқболдаги инвесторларга ўз лойиҳаларини тақдим қилиш имкониятини яратадиган бепул уч ойлик изчил дастур ҳисобланади.

Дастур яратувчилари стартапларга кўмаклашишнинг бу модели Ўзбекистон олий ўқув юртларида кенг миқёсда жорий этилиши, шунингдек, таълим муассасаларининг хусусий сектор билан ўзаро ҳамкорлик тизимини такомиллаштиришни таъминлашига умид қилмоқда.

Ташаббус янги иш ўринларини яратиш, ёшлар бандлигини ошириш ва аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга қаратилган инклюзив бизнес-моделларини ривожлантириш иши доирасида Sasol компанияси ваколатҳонаси ва Буюк Британия элчихонаси молиявий кўмагида амалга оширилади.