Бельгиянинг Антверпен шаҳрида сузиш бўйича ўтказилган халқаро турнирда Раънохон Аманова 400 м масофага комплекс усулда сузиш мусобақасида марра чизиғига 4.40.71 сонияда етиб келиб, XXXI ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмаси учун белгиланган меъёрни бажарди.

Шу тариқа, Раънохон Олимпиадада икки йўналиш бўйича ўтказиладиган мусобақаларда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди, хабар бермоқда Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

Аманова 2015 йилнинг 2-3 ноябрь кунлари Доҳа шаҳри (Қатар)да ўтказилган Жаҳон Гран-при турнирида 200 м масофага комплекс усулда сузиш мусобақаларида муваффақиятли иштирок этиб, Рио-де-Жанейрода ўтказиладиган Олимпия ўйинлари йўлланмаси учун белгиланган меъёрни бажарган эди.

Бугунги кунга келиб, Ўзбекистон спортчиларининг Рио-2016 ўйинларига йўлланмалари сони 52 тага етди, шундан 24 таси паралимпиячиларга тегишли.