«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати 21 январь куни қатор интернет-нашрларнинг мамлакатда ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар имкониятлари чекланиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни уйдирма деб атади.

Жума куни кечқурун ҳаракат сайтида пайдо бўлган хабарда таъкидланишича, «Камолот» томонидан Facebook, Одноклассники ва Telegram каби интернет-сервисларнинг техник ва бошқа имкониятларини чеклаш масаласи кўриб чиқилаётганлиги ҳақидаги ахборот нотўғри.

«Бугунги кунда ҳаракат томонидан интернет тармоғида миллий сегментни янада бойитиш, ривожлантириш ҳамда фойдали ресурсларни кўпайтириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. MIT.uz — миллий интернет танлови, Талабалар интернет ҳаракати, Intellect2all — ахборот технологиялари танлови ҳамда мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигидаги бошқа лойиҳалар шулар жумласидандир», — дейилади хабарда.

«Ҳаракат бугунги кунда Facebook, Twitter ва бошқа ижтимоий тармоқларда ўз саҳифасига эга. 2015 йилда ҳаракат томонидан ҳудудларда ташкил этилган ёш репортёрлар гуруҳлари учун медиаоромгоҳ ташкил этилди. Ҳар йили ҳаракатнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида энг фаол бўлган ёш репортёрлар тақдирланиб борилмоқда», — таъкидланади «Камолот» баёнотида.

Шунингдек, ҳаракат томонидан анъанавий ўтказиб келинаётган «Йилнинг энг фаол ёш журналисти» республика танловида «Йилнинг энг яхши блогери» номинацияси бўйича энг фаол блогерлар рағбатлантириб борилади.

Яқин кунларда «Камолот» ижтимоий тармоқларда янги лойиҳаларни бошлайди, дейилади хабарда. Ушбу лойиҳа тафсилотлари ҳозирча маълум эмас. «Энг муҳими унда ёлғон ахборотлар берилмаслиги кафолатланади», — таъкидланади «Камолот» сайтидаги хабарда.