Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Қатар пойтахти Доха шаҳрида давом этаётган U-23 ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати гуруҳ босқичи учинчи турида Яман олимпия терма жамоасини 3:1 ҳисобида мағлуб этди, хабар берди Футбол федерацияси матбуот хизмати.

Учрашувнинг биринчи бўлими 18-дақиқасида Жавоҳир Соҳибов Ўзбекистон жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди ва биринчи бўлим 1:0 ҳисобида Самвел Бабаян жамоаси ғалабаси билан тугади.

Иккинчи бўлимда Игорь Сергеев ҳамда Жалолиддин Машариповнинг голларига Яман олимпия терма жамоаси ҳам бир гол билан жавоб берди ва учрашув Ўзбекистон ғалабаси билан якунланди.

Шу тариқа, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси мусобақани гуруҳ босқичида 3 очко билан якунлади. Кейинги босқичга Жанубий Корея ҳамда Ироқ олимпия терма жамоалари йўлланма олди. Мазкур терма жамоалар ўртасидаги учрашувда 1:1 ҳисоби қайд этилди.