Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация 19 январь куни Вашингтонда Ўзбекистон-АҚШ сиёсий маслаҳатлашувларининг олтинчи раундини ўтказди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Ниша Десаи Бисвал билан бўлиб ўтган учрашувда икки томон кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

2014 йилнинг декабр ойида бўлиб ўтган сиёсий маслаҳатлашувларнинг бешинчи раундидан кейинги даврдаги ҳамкорлик якунлари сарҳисоб қилинди.

Сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилди.

Халқаро муаммоларни муҳокама қилиш доирасида Афғонистондаги вазият ривожига ҳамда минтақавий масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон-АҚШ сиёсий маслаҳатлашувларининг биринчи раунди 2009 йил декабрида Вашингтонда бўлиб ўтди.