Ташқи ишлар вазирлиги 14 январь куни Ўзбeкистон фуқароларининг бошқа давлатлар ҳудудида нобиомeтрик паспортдан фойдаланишлари тўғрисида қуйидаги маълумотни тарқатди:

«Кўп сонли мурожаатлар сабабли шуни ҳабар қиламизки, „Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида“ги 2011 йил 5 январь ПФ-4262-сонли Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига биноан Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти 2015 йил 31 декабрга қадар ҳақиқий эди ва бу ҳақда хорижий давлатларга ҳабар қилинган эди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатдан ўтган ва Ўзбекистон Республикаси нобиометрик фуқаролик паспорти билан хорижий давлат ҳудудида вақтинча бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари Ўзбекистонга қайтишлари учун Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасаларига мурожаат қилишлари ва республикага қайтиш сертификатини олишлари керак.

Хорижда доимий яшаш жойидан ўрнатилган тартибда рўйхатдан чиқган ва Ўзбекистон Республикаси нобиометрик фуқаролик паспорти бўйича доимий консуллик рўйхатига олинган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари паспортни биометрик паспортга алмаштиришлари учун Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасаларига мурожаат қилишлари керак».

Эслатиб зтамиз, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нобиометрик паспортлар ҳали амалда. Паспортни алмаштиришга улгурмаган фуқароларга нисбатан ҳеч қандай жарималар қўлланилмайди.