Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионати-2018 иккинчи саралаш босқичи доирасида «Пахтакор» стадионида бўлиб ўтган учрашувда КХДРни мағлуб этди, хабар қилди Футбол федерацияси матбуот хизмати.

Ўйин Ўзбекистон ҳужуми билан бошланган. Сардор Рашидов зарбаси хавфли кўриниш олган бўлсада, жавоб ҳужумидаёқ КХДР термаси ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Қанотдан Жонг Кванг Ик ҳаволатиб узатган тўпни Ри Хёк Чол Александр Лобанов қўриқлаган дарвозага жойлаб қўйди.

Ўйиннинг иккинчи дақиқасидаёқ гол ўтказиб юборган Ўзбекистон жамоаси устунликни ўзига қайтариб олди ва кўплаб ҳужумлар ташкил этди. 26-дақиқага келиб, ўйиндаги устунлик ҳисобда ҳам акс этди. Сервер Жепаровнинг ажойиб тўп узатишидан сўнг, Игорь Сергеев боши билан рақиб дарвозасига жўнатди — 1:1.

Биринчи бўлимнинг қолган қисмида картина ўзгармади. Ўзбекистон тўпга эгалик қилишда ҳам, хавфли вазиятлар яратиш борасида ҳам рақибдан яққол устунроқ эди. Бироқ Одил Аҳмедов, Егор Кримец ҳамда Игорь Сергеевлар имкониятлардан фойдалана олмади.

Иккинчи бўлим ҳам Самвел Бабаян шогирдлари устунлиги билан бошланди. Бироқ устунлик ҳисобнинг ўзгаришига олиб келавермагач, бош мураббий Марат Бикмаев ўрнига Александр Гейнрихни майдонга туширишга қарор қилди ва ушбу қарор ҳал қилувчи аҳамият касб этди.

Ўйиннинг 68-дақиқаси ўтиб бораётган вақтда Сардор Рашидов чап қанотдан олдинга бориб, жарима майдони ичида тўп сўраган Гейнрихга уни аниқ етказиб берди. Александр бир ҳаракат билан тўпни ўзига ўнглаш баробарида ҳимоячини ҳам ортда қолдирди. Тўпга иккинчи тегинишда эса Ри Мёнг Гук қўриқлаган дарвозани аниқ нишонга олди — 2:1.

Орадан кўп ўтмай Ўзбекистоннинг ҳисобдаги устунлиги мустаҳкамланди. Одил Аҳмедов жарима майдони ташқарисида Сардор Рашидовдан тўпни қабул қилиб олди ва бироз олдинга бориб, зарба йўллади. Бу зарба ҳисобни 3:1 бўлишига олиб келди.

Гуруҳдаги иккинчи ўйиндан Филиппин майдонига сафар қилган Яман терма жамоаси ушбу саралаш босқичидаги илк голини киритиш баробарида, илк уч очкосига ҳам эга бўлди. Маниладаги ўйинда 0:1 ҳисоби қайд этилди. Бу натижадан кейин Филиппин ҳисобидаги очколари еттиталигича қолди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2018 иккинчи саралаш босқичи доирасида ўзининг навбатдаги учрашувини 17 ноябрь куни Яманга қарши сафарда ўтказади.