Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги қарори бўйича ҳар йили ноябрь ойида қандли диабетга қарши кураш ойлиги ўтказилади. Ундан мақсад — мазкур йўналиш бўйича тиббий профилактика ишларини янада кенгайтириш, аҳолининг тиббий билим ва маданиятини, қандли диабет касаллигини ташхислаш ва даволаш самарадорлигини оширишдир, деб хабар қилади вазирлик матбуот хизмати.

14 ноябрь куни Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказида, шунингдек, барча вилоят эндокринология диспансерларида очиқ эшиклар куни ташкил этилади. Барча истовчилар қандли диабет бўйича зарур маслаҳат ва ташхис ёрдамини олиши мумкин.

Тошкентнинг Юнусобод туманидаги 52-оилавий поликлиникада, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасида, Боровский ва Охунбобоев номидаги тиббиёт коллежларида скрининг кунлари уюштирилиб, марказ мутахассислари хавф гуруҳига кирувчи аҳолини тиббий кўрикдан ўтказади.