11 ноябрь куни Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари, шунингдек, 2016 йилги солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини қабул қилди.

Парламент қуйи палатаси ахборот хизмати маълум қилишича, мамлакат асосий молия ҳужжати лойиҳаси бўйича бош вазирнинг биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов ва Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Адҳам Шодмонов маъруза қилди.

Келаси йилда Ўзбекистон ЯИМ 7,8 фоиз, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8,2 фоиз, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари — 6,1 фоиз, капитал қўйилмалар ҳажми 9,6 фоиз ўсиши кутилмоқда.

Хизмат кўрсатувчи микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкасини 6 фоиздан 5 фоизга тушириш кўзда тутилмоқда. Бу мазкур корхоналар ихтиёрида 58,4 млрд сўмни қолдириш имконини беради.

Ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга ажратилган харажатлар жорий йилдаги 58,7 фоиздан 2016 йилда 59,2 фоизга оширилади. Кам таъминланган ва моддий ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга ва болали оилаларга бериладиган нафақалар учун ажратилган харажатлар 2,1 трлн сўмдан ортиқ бўлади.

Фан соҳасига ажратиладиган харажатлар жорий йилга нисбатан 1,36 баравар, маданият муассасаларини таъминлаш ва спорт тадбирларини ўтказиш учун ажратилган харажатлар ҳажми эса 1,16 баравар оширилади. Тарихий-меъморий, ижтимоий-маданий ва туризм салоҳиятини эҳтиётлаб сақлаш учун 22 млрд. сўм маблағ ажратиш таклиф этилмоқда.