10 ноябрда Навоий вилоятининг Кармана туманида ўзбек-корейс дўстлик боғининг очилиш маросими бўлди.

Корея Республикаси халқаро ҳамкорлик агентлигининг (KOICA) 2,5 миллион доллар қийматидаги грант маблағлари ҳисобидан «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси атрофидаги 140 гектар майдонда кўкаламлаштириш лойиҳаси амалга оширилмоқда, деб хабар қилади ЎзА.

Ушбу майдонда суғориш тизимини йўлга қўйиш учун давлат бюджетидан қарийб 725 минг доллар миқдорида маблағ ажратилди. Шунингдек, лойиҳа доирасида 1 гектар майдонда Жанубий Корея андозаси асосида иссиқхона қурилиб, барча коммуникация тизимлари тайёр ҳолга келтирилди.

2013-2016 йилларга мўлжалланган мазкур лойиҳа доирасида боғ учун махсус нинабаргли ва чўл иқлимига мос дарахт турларини кўпайтириш учун ниҳол парваришлаш ҳудуди ташкил этилди.

Бундай кенг майдонда ташкил этилаётган боғ ҳудуд иқлимини яхшилаш, бўш ерларни кўкаламлаштиришга хизмат қилади.