Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 10 ноябрь куни «ЛУКОЙЛ» нефть компанияси президенти Вагит Алекперовни қабул қилди, деб хабар қилади ЎзА.

Ислом Каримов Ўзбекистон нефть-газ тармоғида қўшма лойиҳаларни амалга оширишда «ЛУКОЙЛ» нефть компанияси фаол иш юритаётганини таъкидлади.

Бугунги кунда «ЛУКОЙЛ» Ҳавзак, Шоди, Қўнғирот конлари ва Қандим конлар гуруҳи каби истиқболли газ конларини ўрганиш ва ўзлаштириш, Жануби-ғарбий Ҳисор ва Устюрт минтақасидаги нефть-газ участкаларини ўрганиш бўйича инвестициявий лойиҳаларни амалга оширмоқда. 

Ҳамкорликдаги геология-қидирув ишлари доирасида Орол денгизи акваториясининг Ўзбекистон қисмида истиқболли углеводород конлари топилди. Компаниянинг мамлакатимиздаги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирган жами инвестициялари ҳажми 5 млрд доллардан ошди.

«ЛУКОЙЛ» айни пайтда энг илғор технологияларга асосланган Қандим газни қайта ишлаш заводи қурилишига киришди. Бу замонавий завод йилига 8 млрд кубометр табиий газни чуқур қайта ишлаш қувватига эга бўлади.

Учрашувда Вагит Алекперов 2018 йилда фойдаланишга топширилиши мўлжалланган ушбу лойиҳа Ўзбекистон саноатини янада ривожлантириш ва кенгайтиришга қаратилган 2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастури доирасида амалга оширилаётганини таъкидлади.

У «ЛУКОЙЛ» компанияси Ўзбекистон нефть-газ тармоғидаги инвестиция лойиҳалари доирасида қабул қилган барча мажбуриятларини тўла ва ўз вақтида бажаришини қайд этди.

Мулоқот чоғида жаҳон ва минтақа углеводород хомашёси бозоридаги бугунги вазият юзасидан фикр алмашилди, узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг асосий истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.