1 январга қадар Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари қошида сув таъминоти ва оқава сувни чиқариб юбориш ташкилотлари негизида ягона «Сувоқава» давлат унитар корхоналари ташкил этилади ҳамда уларнинг шаҳар ва туманларда филиаллари бўлади.

Вазирлар Маҳкамасининг 30 октябрда қабул қилинган қарорида қайд этилишича, қайта ташкил қилиш соҳани бошқариш тузилмасини такомиллаштириш, аҳолининг сифатли ичимлик суви ва оқава сувни чиқариб юбориш хизматлари билан таъминланганлик даражасини ошириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг муҳандислик ва коммуникация тармоқларига уланиш тизимини соддалаштиришга қаратилгандир.

Ҳужжатда бошқарув, ахборот-коммуникация ва электр қувватини тежашнинг замонавий усулларини, шунингдек, «Сувоқава» тизимида энергия ресурслари ва сув сарфини ҳисобга олиш қурилмаларини жорий қилиш кўзда тутилади.

2016 йилнинг 2-чорагига қадар ҳамма жойда абонентларни тўлиқ рўйхатга олиш, шунингдек, ҳисобларни тайёрлаш ва тақдим этишни тўлиқ компьютерлаштириш режалаштирилмоқда. 2017 йил бошида кўрсатилган хизматлар учун интернет орқали онлайн тўловни ҳамда ҳисоб ва хизматларга ҳақ тўланиши ҳолатини кузатиб бориш учун мобил илова дастурларини жорий қилиш мўлжалланмоқда.

Кейинги ўқув йилидан касб-ҳунар коллежларида сув таъминоти ва оқава сувни чиқариб юбориш бўйича мутахассислар тайёрлана бошлайди ҳамда ушбу соҳага ихтисослашган ОТМда соҳа ходимлари малакасини тизимли равишда ошириш ташкил этилади.

Қарорга кўра, 1 январдан тадбиркорлик субъектларини сув таъминоти ва оқава сувни чиқариб юбориш тармоғига улаш билан боғлиқ барча ишларни «Сувоқава» корхонаси тўлиқ бажарадиган бўлади.