Жаҳон банки ижрочи директорлари кенгаши 3 ноябрь куни Орол денгизи ҳавзасида иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш ва уларни юмшатиш дастурининг биринчи босқичини молиялаш учун Халқаро ривожланиш уюшмаси маблағидан 38 млн АҚШ доллари ажратди.

ЖБ матбуот хизматининг хабар қилишича, минтақавий дастурнинг биринчи босқичи учун Тожикистонга 9 млн доллар, Ўзбекистонга 14 млн доллар ажратилади. Яна 15 млн доллар Орол денгизини асраб қолиш халқаро жамғармаси ижроия қўмитасининг Марказий Осиё Минтақавий экология маркази кўмагида амалга оширадиган фаолиятига сарфланади. Кейинги икки йилда дастурга Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ҳам қўшилади.

Орол денгизи ҳавзасида иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш ва уларни юмшатиш дастурининг мақсади иқлим ўзгариши билан боғлиқ равишда ортиб бораётган ва минтақа мамлакатлари чегараларини ошиб ўтаётган муаммоларни ҳал этишда минтақавий ҳамкорлик ва келишув имтиёзларидан фойдаланишдир. Дастур иқлим ўзгариши билан боғлиқ таҳдидлар ҳақидаги билим ва ахборот базасини кучайтириш имконини беради, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари учун иқлим омилини ҳисобга оладиган устувор соҳаларга инвестиция киритиш мақсадида қишлоқда яшовчи аҳолига молиявий ва техник ёрдам кўрсатади.

Жаҳон банкининг «Иссиқликни камайтиринг: янги иқлим меъёрига қарши туриш» ҳисоботида айтилишича, Марказий Осиё мамлакатлари жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан жадалроқ исишга дуч келиши мумкин. 1951-1980 йиллар билан солиштирганда, дунёдаги ўртача ҳарорат 4°С даража кўтарилса, Марказий Осиёдаги ўртача ҳарорат 7°С даража ошиши мумкин.

Бугунги кунда минтақадаги Амударё ва Сирдарё ҳавзалари йиллик сув оқимининг 10 фоизини ташкил қиладиган музликлар майдони ХХ аср бошидан бери 1/3 қисқарди. Башоратларга кўра, ҳарорат 2 даража ортса, музликлар майдони 50 фоиз қисқаради, 4 даража ортганда эса у 75 фоизга етади.

Марказий Осиё иқлимининг ўзгарувчанлиги ва ўзгариши иқтисодиётнинг қишлоқ хўжалиги, энергетика ва сув таъминоти сингари асосий соҳаларига салбий таъсир кўрсатади, шунингдек, минтақа мамлакатлари нуфусининг 50-70 фоизини ташкил қиладиган қишлоқ аҳолисининг даромадига таҳдид сола бошлайди.

Ушбу дастурнинг биринчи босқичида зикр этилган лойиҳаларнинг Тожикистон ва Ўзбекистонда истиқомат қиладиган 240 минг кишига фойдаси тегиши кутилмоқда.