5 ноябрь куни Халкидикида (Греция) 8 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг (FIDE World Youth & Cadets Championship 2015) охирги тур ўйинлари ўйналди.

Ушбу турнирнинг 14 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасида ўзбекистонлик Шамсиддин Воҳидов 11 имкониятдан 9 очко жамғариб, жаҳон чемпиони унвонига эга бўлди, деб хабар қилади чемпионат вебсайти.

Жаҳон биринчилигида ҳиндистонлик ёш спортчилар жами 11 та (ўшалардан 5 таси олтин) медални ютиб олиб, пешқадам бўлди. Россия ва АҚШ шахматчилари 4 тадан медални қўлга киритган бўлса-да, битта ҳам олтин медаль ололмади.

Қолган олтин медаллар Эрон, Болгания, Озарбайжон, Германия, Греция, Ўзбекистон ва Вьетнам ўғил-қизларига насиб этди.