Фарғона вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида илк бор туғма юрак нуқсони билан даволанаётган икки нафар болада мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли амалга оширилди, деб хабар қилади ЎзА.

Мирзахўжа Ниёзхўжаев (расмда чапда) Фурқат туманининг Томоша қишлоғида 1999 йилда туғилган. У туғилганидан буён диспансер назоратида туради. Бемор ҳансираш, юракнинг тез-тез уриши, ҳолсизлик каби шикоятлар билан шифохонага ётқизилган.

Қўштепа туманидан Икромжон Иброҳимов эса уч ёшда. У ҳам туғма юрак нуқсони, очиқ артериал проток ташхиси билан диспансер назоратига олинган.

Ҳар икки беморда туғма юрак нуқсони — очиқ артериал протокни боғлаб қўйиш операцияси муваффақиятли амалга оширилди ва реанимация бўлимида интенсив муолажалар олиб борилди. Болаларнинг аҳволи стабиллашгач, муолажаларни давом эттириш учун жарроҳлик бўлимига ўтказилди.

Жарроҳлик амалиётида вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази кардиохирурги Жавлон Мўйдинов, жарроҳлик бўлими мудири Иброҳим Умаров, тиббиёт фанлари номзодлари — Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси кардиохирурги Абдуносир Турғунов ва Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг анестезиолог-реаниматологи Санжар Омонов иштирок этди.

«Шу чоққача бундай операция Тошкентда ёки хорижда амалга ошириларди», — дейди болалар жарроҳи, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби Иброҳим Умаров. — Энди бундай мураккаб операцияларни вилоятимизда амалга ошириш имконияти яратилди".