Уч кундирки, Тошкент аҳолиси шанба куни Мисрнинг Синай ярим оролида қулаб тушган Metrojet авиакомпанияси самолётида ҳалок бўлган йўловчилар хотирасига Россиянинг Тошкентдаги элчихонасига гул келтирмоқда.

Россия дипломатия миссияси дарвозаси олдида гул, мотам гулчамбарлари, шам ва ёзувларни кўриш мумкин. Ўткинчилар тўхтаб, авиаҳалокат қурбонлари хотирасига ҳурмат бажо келтирмоқда.

«Биз ҳалок бўлганларнинг қариндошлари ва яқинлари дардига шерик эканимизни билдириш учун қизим билан бу ерга келдик», — деди Юнусобод туманида истиқомат қилувчи Валерия.

«Бу — рамзий амал. Одамларнинг гул олиб келиш билан эътибор ва ҳурмат бажо келтириши уларнинг ҳамдард бўла олишдай инсоний фазилатини англатади», — дея таъкидлади Рус миллий маданий маркази раиси Александр Аристов.

«Шарм аш-Шайх — Санкт-Петербург» 9268 рейси билан учаётган А321 самолёти бортида 217 нафар йўловчи ва 7 нафар экипаж аъзоси бор эди ва уларнинг ҳаммаси ҳалок бўлди. 1 ноябрь куни Россияда улар хотирасига мотам эълон қилинди.