Ўзбекистон ва Озарбайжон дўстлиги бир неча асрлик тарихга эга. Тили, маданияти ва қадриятлари уйғун бўлган икки мамлакат XXI асрда ҳам ҳамкорликни ривожлантиришга интилмоқда. Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Гусейн Кулиев билан суҳбат шу ҳақда бўлди.

 — Элчи жаноблари, жорий йил 18 октябрь куни Озарбайжон Мустақиллик кунини байрам қилди. Ушбу cана халқингиз учун қанчалик қадрли?

 — Тарих шуни кўрсатмоқдаки, мустақилликка эришишдан кўра уни сақлаб қолиш мушкулроқ кечар экан. Бу борада ҳар қандай синовга тайёр турмоқ ва юзага келган қийинчиликларни енгиб ўтмоқ лозим. Озарбайжон бир аср мобайнида икки бора суверен давлат тузиш имконига эга бўлди. Афсуски, илк имконият ташқи кучларнинг аралашуви, ички курашлар ва минтақадаги сиёсий беқарорлик сабаб бой берилди. 1918 йилда вужудга келган Озарбайжон Демократик Республикаси бор-йўғи 23 ой яшади. Орадан 70 йил ўтиб, яна бир бор шундай вазият юзага келди. Совет империяси қулагач, Озарбайжон бой берилган мустақилликни тиклашга муваффақ бўлди.

1991 йил 18 октябрда Озарбайжон Республикаси Олий Кенгаши сессиясида «Озарбайжоннинг давлат мустақиллиги тўғрисида» конституциявий қонун қабул қилинди. Ушбу тарихий ҳужжатга мувофиқ, озарбайжон халқи узоқ йиллар интиқиб кутган озодлик ва мустақилликни қўлга киритди.

1991 йил 29 декабрда Озарбайжонда умумхалқ овоз бериш тадбири бўлиб ўтди. Референдумда иштирок этган аҳолининг 95 фоиздан кўпроғи «Озарбайжоннинг давлат мустақиллиги тўғрисида» конституциявий қонунни ёқлаб овоз берди.

1992 йил 2 мартда давлатимиз БМТга аъзо бўлган кундан бошлаб жаҳон ҳамжамияти бизни тан олди.

Озодликнинг илк кезлари қалтис тарихий вазиятга тўғри келди. Бир муддат кейин ҳатто мустақилликни бой бериш хавфи пайдо бўлди. Арман қуролли гуруҳлари агрессияси оқибатида бошланган Биринчи Қорабоғ уруши, айрим давлат арбобларининг уқувсизларча сиёсати ҳамда ички сиёсий курашлар ёш мустақил республика тақдирини хавф остида қолдирди. Ҳокимият тепасига таниқли сиёсий арбоб Ҳайдар Алиев келгач, хавф-хатарлар енгиб ўтилди.

Давлатимизнинг сиёсий ва иқтисодий таянчи йилдан-йилга мустаҳкамланмоқда. 1991 йилда қўйилган давлат мустақиллиги пойдевори кўз қорачиғидек асраб-авайланмоқда. Айни пайтда иқтисодиётни тараққий эттириш, давлатчиликни мустаҳкамлаш ҳамда миллий-маданий қадриятларни муҳофаза қилишга катта эътибор берилмоқда.

Бугун Озарбайжон ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий нутқаи назардан мутараққий давлатлардан бири саналади. Иқтисодий тараққиёт суръати бўйича мамлакатимиз нафақат минтақада, балки дунёда кўзга кўринарли натижаларга эришди. Минтақадаги йирик лойиҳаларнинг барчасида Озарбайжоннинг иштироки мавжуд. Озарбайжон энергия ресурсларининг жаҳон бозорига олиб чиқилиши ҳам Жанубий Кавказда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, ҳам халқимизнинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қилди.

 — Бугун Ўзбекистон Озарбайжон билан робиталарни янада мустаҳкамлашга интилмоқда. Расмий Боку Тошкент билан ҳамкорлик муносабатларига қай даражада аҳамият беради?

 — Озарбайжон ва Ўзбекистон тарихан дўст ва биродар мамлакатлардир. Халқларимизни наинки давлатлараро муносабатлар, муштарак миллий қадриятлар, анъаналар, уйғун тил ва маданият ҳам боғлайди. Мустақилликка эришилгач, 1995 йилда мамлакатларимиз ўртасида дипломатик алоқа ўрнатилди. Ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши ва ривожланиши Озарбайжон миллий етакчиси Ҳайдар Алиев ва Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг номи билан боғлиқ. Ўтган 20 йил ичида ўзаро алоқалар юқори даражага кўтарилди. Мамлакатларимиз ўртасида турли соҳаларга оид 100 дан зиёд битим имзоланди.

Ўзбекистон Озарбайжоннинг дунёдаги, хусусан, Марказий Осиёдаги асосий ҳамкорларидан бири саналади. Мамлакатлар ўртасида сиёсий ишонч мавжуд ва икки давлат халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлайди. Ўзбекистон арман-озарбайжон ва Тоғли Қорабоғ зиддиятларини Озарбайжон суверенитетига ҳурмат, ҳудудий яхлитлик ва чегара дахлсизлигини сақлаган ҳолда ҳал этиш лозим, деб ҳисоблайди. Ўзбекистоннинг бу борадаги позициясини Озарбайжон раҳбарияти қадрлайди. Лекин биз юқори даражадаги сиёсий алоқалар билан чекланиб қолмоқчи эмасмиз. Негаки, бу ҳамкорлигимизнинг биргина жабҳаси, холос.

 — Мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни қандай баҳолайсиз? Бу борада қайси йўналишларни истиқболли деб биласиз?

 — Албатта, икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда иқтисодий ҳамкорликнинг аҳамият катта. Шу маънода, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш фаолиятимизнинг устувор йўналишларидан бири саналади. Юқори савиядаги сиёсий алоқаларимиз иқтисодий ҳамкорликни ҳам ривожлантиришга ёрдам беради. Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасида ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия фаолият юритмоқда. Мазкур комиссия фаол ва изчил фаолияти орқали икки томонлама ҳамкорликка сезиларли улуш қўшиши мумкин. Ҳамкорликнинг порлоқ истиқболи мавжуд бўлса-да, иқтисодий алоқаларнинг ҳозирги ҳолати мамлакатларимиз салоҳияти даражасида эмас. Демак, ушбу жабҳада ҳамкорликни кенгайтириш учун икки томонлама саъй-ҳаракат талаб этилади.

Озарбайжон Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкорликдан манфаатдор. Жорий йил февраль ойида Озарбайжон иқтисодиёт ва саноат вазири Шаҳин Мустафоев Ўзбекистонга ташриф буюриб, расмийлар билан учрашди. Мазкур учрашувлар доирасида қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, автомобилсозлик, енгил саноат, қурилиш, кимё саноати ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш имкониятлари муҳокама қилинди, ўзаро миллий саноат кўргазмалари ташкил этиш зарурати борасида фикр алмашилди. Шунингдек, транспорт ва транзит бўйича ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Таъкидлаш жоизки, Озарбайжон ва Ўзбекистон юк ташиш жабҳасида самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ўтган йилларга қараганда 2015 йилда мамлакатларимиз ўртасида автомобиль транспортида юк ташиш кўрсаткичи ошди. Яқинда ушбу йўналишдаги алоқалар ҳолатини муҳокама қилиш мақсадида Озарбайжон транспорт вазирлиги делегацияси Тошкентга келиб, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигида музокара ўтказди. Музокара асносида томонлар халқаро автомобиль юк ташувлари бўйича фикр алмашиб, Ўзбекистон ва Озарбайжон Республикалари ҳукуматлари ўртасидаги Халқаро автомобиль қатнови тўғрисидаги битим лойиҳасининг якуний варианти бўйича келишувга эришдилар.

Бундан ташқари, мамлакатларимиз илм-фан, таълим, маданият, қишлоқ хўжалиги, кимё саноати, машинасозлик, авиация, қурилиш ва автомобилсизлик каби соҳалардаги ҳамкорлик бўйича катта салоҳиятга эга. Ўзбекистоннинг ривожланган автомобилсозлиги ҳамда Озарбайжоннинг қурилиш секторидаги ютуқлари янги имкониятлар эшигини очади.

Озарбайжон ҳам, Ўзбекистон ҳам, тарихий обидалари, осори атиқалари билан тилга тушган. Демак, туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳар икки томон манфаатига мосдир.

 — Халқларимиз ўртасидаги маданий алоқалар тарихи олис ўтмишга бориб тақалади. Бу ўринда биргина тарихий факт — улуғ мутафаккир Алишер Навоий ўз асарларида озарбайжон халқининг буюк шоири Низомий Ганжавийга юксак эҳтиром кўрсатганини эслаб ўтиш кифоя. Маданий-гуманитар ҳамкорлик хусусида ҳам сўзлаб берсангиз. Дарвоқе, 2016 йилда бу борада қандай тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган?

 — Тўғри таъкидладингиз, халқларимиз ўртасидаги дўстона алоқалар пойдевори бир неча юз йил муқаддам қўйилган. Бу ўринда тарихий, этник ва маданий муштаракликни таъкидлашни истардим. Марказий Осиё ва Кавказ минтақаларида топилган ноёб археологик бойликлар, моддий маданий мерос ёдгорликлари эса халқларимиз алоқалари илдизи кўҳна мозий қатларида яширин эканига гувоҳлик беради.

Чиндан ҳам, адабиёт бўйича робиталаримиз ҳамиша катта аҳамият касб этиб келган. Тўғри қайд этганингиздек, ўрта асрлар озарбайжон адабиёти Ўрта Осиё ҳукмдорлари ва шоирлари томонидан юксак баҳоланган. Озарий назм дурдоналарини оддий халқ ҳам иштиёқ ила мутолаа қилган. (Бугун биродар Ўзбекистондаги энг йирик олий таълим даргоҳларидан бири — Тошкент давлат педагогика университети Низомий Ганжавий номи билан аталишидан ғоят мамнунмиз.) Айни чоқда, озарбайжон халқи ҳам ўзбек ижод аҳли яратган бой маънавий меросни айрича қадрлайди. Ўрта асрлар Озарбайжонида буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод ижоди юқори баҳоланган. У озарбайжон мумтоз миниатюрасининг шаклланишига мислсиз таъсир кўрсатган.

Сўнгги йигирма йилда маданий соҳадаги ҳамкорлигимизда ҳам янги саҳифа очилди. Кейинги пайтларда мунтазам равишда оммавий маданий тадбирлар ўтказилмоқда. Икки мамлакат маданият намояндалари ҳамкорликда янги ижодий лойиҳаларни тақдим этмоқда. Жорий йил Ўзбекистон давлат консерваториясида СССР халқ артисти, профессор Фарҳод Бадалбейли Озарбайжон ва Ўзбекистон мустақиллигининг 23 йиллигига бағишланган концерт дастурини намойиш этди. Элчихонамиз ва Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази ташаббуси билан Озарбайжон халқ артисти, дирижёр Ёлчин Адигёзалов раҳбарлигида, Ўзбекистон миллий симфоник оркестри иштирокида концерт ўтказилди.

Шунингдек, ўтган йили «Туркистон» саройида уюштирилган икки мамлакат санъат усталарининг дўстлик концертида халқаро мақом фестивали совриндори Айтен Магеррамова ва таниқли ўзбек хонандаси Юлдуз Турдиева мухлисларни хушнуд этди. Дарвоқе, Юлдуз Турдиеванинг номи озарбайжонлик санъат шинавандалари орасида яхши таниш. Хонанданинг Боку мақом фестивалидаги чиқиши олқишлар ила кутиб олингани ҳам бежиз эмас.

Бундан ташқари, 2014 йилда Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонада ўзбекча-озарбайжонча ва озарбайжонча-ўзбекча сўзлашув луғатлари тақдимоти ўтказилди. Қолаверса, озарбайжон ёзувчиларининг бир неча китоби ўзбек тилида дунё юзини кўрди.

Умуман, 2015 йилда бир қатор қизиқарли тадбирлар уюштирдик ва улар ўзбек дўстларимиз хотирасида узоқ вақт сақланиб қолади, деган умиддамиз. Маданий ҳаётимиздаги муҳим воқеалар сифатида ёш ижрочилар ва ижодий жамоаларнинг чиқишлари, Наврўз байрами, Озарбайжон халқининг миллий етакчиси Ҳайдар Алиев юбилейи муносабати билан ўтказилган тадбирларни ҳам қайд этиш мумкин. Бундай мисолларни тасвирий санъат, театр ва кино бўйича ҳам келтириш мумкин.

Айни пайтда 2016 йил учун сермазмун ва ранг-баранг тадбирлардан иборат маданий дастур ишлаб чиқилмоқда. Келгуси йилда Тошкент ва Бокуда яккахон ижрочилар ва ижодий жамоаларнинг чиқишлари, шунингдек, ўтган йиллардаги каби рассом, халқ амалий санъати усталарининг кўргазмалари ўтказилиши режалаштирилган. Ўйлайманки, буларнинг бари халқларимиз ўртасидаги робитани янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.