1 ноябрда АҚШ Давлат департаменти Марказий Осиё мамлакатларига янги кўмак дастурларини эълон қилди. Эслатиб ўтамиз, ўша куни Самарқандда АҚШ ва минтақадаги беш мамлакатнинг янги «С5+1» форматдаги учрашуви бўлди.

Давлат департаменти хабарида айтилишича, АҚШ Марказий Осиё мамлакатларининг гуллаб-яшнаши, суверенитети, шунингдек, Янги Ипак йўли ташаббуси доирасидаги иқтисодий ҳамкорлигини қатъий қўллаб-қувватлайди.

Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон 1991 йилда мустақиллигини эълон қилгандан бери АҚШ Марказий Осиёдаги дастурларга ёрдам тариқасида 8,8 млрд доллар ажратди.

«С5+1» форматидаги сентябрда Нью-Йоркда ва ҳозир Самарқандда бўлиб ўтган учрашувлар «АҚШ билан Марказий Осиё ўртасидаги муносабатларда олға ташланган муҳим қадам» бўлди, дейилади хабарда.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Марказий Осиё давлатлари учун эълон қилинган дастурларга қуйидагилар киради:

  • Малака ошириш ва иш билан таъминлаш;
  • Марказий Осиё савдо форуми;
  • Оролбўйида иқлим ўзгаришига мослашиш ва оқибатларни юмшатиш;
  • Сувдан оқилона фойдаланиш (Smart Waters), яъни минтақадаги сув ресурсларини бошқариш соҳасида кадрларни тайёрлаш;
  • Марказий Осиёда АҚШ университети;
  • Касбий ва таълим алмашувлари;
  • Инглиз тили бўйича минтақавий ташаббус;
  • Маданий меросни сақлаш.